Япон зобити

Текст
Читать фрагмент
Читайте только на ЛитРес!
Отметить прочитанной
Как читать книгу после покупки
  • Чтение только в Литрес «Читай!»
Шрифт:Меньше АаБольше Аа

Кемалар қабристони каламушлар ошёнига айланганди. Улар бу ерда том маънода сон-саноқсиз эдилар. Одамларни кўрганда, чийиллаб, пана жойга қочар, у ердан мунчоқдек кўзлари йилтирарди. Довюракроқлари эса кема томларига чиқиб олиб, у ердан келгиндиларни кузатар, на ҳайқириқларга, на аскарларнинг уларга қарата отган ёғоч бўлакларига парво қиларди. Ютаро Тода “Ёқимсиз махлуқлар бу ерда нима билан озиқланаркин” деб ҳайрон қоларди. Кеманинг остки бўлмаларидаги одам скелетлари ва ўзларига ўхшаш йиртқич махлуқларнинг суякларини кўргандагина кемирувчилар балиқчиларни ва бир-бирларини еб кун кўришини тушунди. Каламушлар ақл бовар қилмас тезликда ва улкан миқдорда кўпаяр, ўзлари емак эҳтиёжи ва истеъмол орасидаги мувозанатни сақлаб туришарди.

Қуёш янада сезиларни қиздира бошлади. Намиққан ёғочлар қуриди ва осмонга кемалар қабристони узра ҳовур кўтарила бошлади. Бу эса атрофдаги манзарани бузди ва худди жонсиз кемалар елканлари билан ўзидан-ўзи тутаб ёнаётгандек, шусиз ҳам хиралашган осмон қорайгандек туюлди.

Аскарлар тарқалиб, занжир ҳолатида тизилганча кемаларни бирма-бир текшира бошладилар. Қанча шошилмасинлар, яширин жойларни текшириш секин кетаётганди, чунки ўз умрларини ўтаб бўлган денгиз дарбадарларининг абадий тураргоҳи жуда бепоён эди.

Ютаро Тода аскарлар ёнида баравар меҳнат қилиб, ўз чидамлилиги ва камтарлиги билан уларга ўрнак бўлаётганди. У энди партизанлар ўрмонга яширинган деган илк тахмини нотўғри эканига ишонч ҳосил қилганди. Балки, қанчадир қисми ўрмонда бўлгандир, лекин асосий қисм шу ерда, яъни ташландиқ қабристондалиги аниқ. Поручик нега палубаларда одамлар кўринмаётганини тушунди. Улар кемаларнинг ён деворларидан одам сиғадиган туйнуклар очишган ва юқорига кўтарилмай, бир кемадан иккинчисига ўтиб кетаверардилар. Кемалардаги туйнуклар янги эди, чунки ўтиш жойларида тахталар яқиндагина қўпорилгани кўриниб турарди. Бундан таш қари, қуруқ бўлмалардан баъзан консерва банкалари, патрон гильзалари топилаётганди.

Поручик аскарларга ҳушёрликни кучайтириб, ўта синчков ва эҳтиёткор бўлишни буюрди. У ҳали ёш бўлишига қарамай, маънан тез улғайганди. У тушундики, офицерлик нафақат жанг санъатини билиш, балки қўл остидаги аскарлар ҳаёти учун улкан масъулиятни ҳис этиш ҳамдир. Етук масъулият ҳисси уни ёшига номуносиб жиддий ва мулоҳазали қилиб қўйганди.

Шубҳали туюлган жойларга у ўзи биринчи бўлиб кирар ва аскарларга қалқон бўларди. Аскарлар ҳам буни муносиб қадрлашар, командир билан ўрталарида кишиларни умумий хавф бирлаштирганда юзага келадиган оддий ва ўзаро ишончга асосланган муносабат юзага келганди.

Ташландиқ кемаларни текшириш шундай хулоса қилиш имконини берарди: кундузи партизанлар айнан шу ерда яшириниб ўтиришади, тунда эса қишлоққа чиқиб, поморлар билан мулоқот қилишади, улардан озиқ-овқат олиб, яширинган жойларига қайтишади. Улар ҳали япон бўлинмасига тегинишмаётганди, кўриниб турардики, демак, хорижлик ҳарбийлар партизанларга ҳозирча халақит бераётгани йўқ. Лекин Ютаро Тода партизанлар тез орада бўлинмани йўқ қилишга уриниб кўришини яхши биларди. У ўткир ички сезгиси билан қишлоқда кучайиб бораётган тарангликни ҳис этиб турарди.

Ҳали совимаган ўчоқлар, бўлмалар шифтидаги янги қурум изидан партизанлар шу ердалигини билса бўлар, япон аскарлари силжиган сари улар ҳам тобора кемалар қабристонининг ичкарисига қараб кетаётганди.

Юз берган бир кўнгилсиз воқеа ҳам партизанлар ҳаракат бошлашга тайёрлигидан дарак эди. Кунларнинг бирида прапоршик Борисов йўқолиб қолди. У эски кемаларни кўздан кечириш ишларида қатнашмаётганди, чунки у ерда таржимоннинг кераги йўқ эди. Борисов хивичи билан этигининг қўнжига урганча қишлоқда айланиб юрар, баъзан сурбетларча уйларга бостириб кириб, маҳаллий аҳолига ёпишиб қолар, гоҳида қайиқда денгизга (тўғри, унча узоққа эмас) кетар, кичкина тўрини ташлаб, балиқ овларди. Хулласи калом, у ўша куни қайтмади. Қидирувлар ҳеч қандай натижа бермади, поморларни сўроққа тутиб ҳам вазиятни ойдинлаштира олмадилар. Улар гоҳ имо-ишора, ўрни келса, узуқ-юлуқ сўзлар билан Борисов тонг қоронғисида қайиқда сузиб кетганини, шу бўйи қайтмаганини билдиришди. Шамол эсаётганди, ҳойнаҳой, у қайиқни ағдариб юборган бўлиши ҳам мумкин. Прапоршик қирғоққача сузиб келолмаган, чунки қўпол иссиқ кийими халал берган ва сув ҳам муздек эди. Бунақа совуқда узоққа сузолмасди одам. Ва шундай бўлиб чиқди ҳам, тез орада ағдарилган қайиқни тўлқинлар қирғоққа суриб келди.

Ҳамма далиллар прапоршикнинг бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлганини тасдиқлаб турса-да, Ютаро Тода таржимон чўктириб юборилганига ич-ичидан ишонарди. Қўполлиги ва маҳаллий аҳолини ерга уриши оқибатида поморлар ундан нафратланиб қолишди ва қутулиш пайига тушдилар. Бу биринчидан, иккинчидан эса партизанлар прапоршикни йўқ қилиб, японларни соломбалаликлардан ажратиб қўйдилар. Уларни мулоқот қилиш имконидан маҳрум қилдилар, демак, японларни яккаладилар.

Ютаро Тода бўлинмаси билан бу ердан кетишлари кераклигини англаб турар, хавф кундан-кунга кучайиб борар, лекин тартиб интизом ва офицерлик бурчи ўзидан юқори турувчи бошлиғининг буйруғини бажаришга ундарди.

Ўша, ёш офицернинг тақдирини тубдан ўзгартирган куни рота одатдагидек кемалар қабристонини кўздан кечиришга чиққанди. Қўлда милтиқларни отишга тайёр ҳолда ушлаб, ҳар бир хона, ҳар бир бўлмани кўздан кечиришар, оҳиста ва эҳтиёткорона силжишарди.

Ютаро Тода аскарларга кўз-қулоқ бўлиб, атрофга синчиклаб назар соларди. Тўсатдан тилладек ялтираган нимадир унинг эътиборини тортди, у энгашиб, палуба тахталари тирқишидаги милтиқ патронига кўзи тушди. Уни олиб, синчиклаб кўз югуртирди. Патрон янгигина бўлиб, ҳали қорайиб улгурмаганди. Ва энг муҳими, япон милтиғининг патрони, бу муваффақият эди! Поручик ҳаяжондан танаси қизиб кетганини сезди. Патрон партизанлар эгаллаб олган қурол-яроғлар партиясидан экани аниқ. Ҳамма ёқни кўздан кечириб, ўша хонадаги ёғоч деворда яна бир патронни кўрди. Бу пайтда аскарлар анча илгарилаб кетган, баъзилари эса кемаларнинг остки бўлмаларига тушиб, кўздан ғойиб бўлганди.

Ютаро Тода каюталардан бирига кирди-ю, шу заҳоти энсасида милтиқ қўндоғи билан берилган кучли зарбни ҳис қилди. Кўз олдида оловранг доирачалар ярқ этди-да, полга йиқилди ва ҳушини йўқотди. Кейин нима бўлганини, қанча вақт беҳуш ётганини поручик айтиб беролмасди. Чуқур бўлмада ўзига келгач, боши оғриқдан ёрилаёзди. Инграганча, минг машаққат билан ўрнидан турди ва ўтирди. Нимқоронғи хона снаряд гильзасидан қилинган лампа ёрдамида ёритиларди. Стол олдида соқолли киши ўтирар ва ёнидаги партизанларга ниманидир гапирарди. Кейинчалик маълум бўлишича, бу бирлашма раҳбари Савелий Парфёнов экан.

Асирнинг инграганини эшитиб, Парфёнов унга ўгирилди.

– Ўзига келди, – деди у енгил тортиб. – Қўлинг бунча қаттиқ бўлмаса, Кондратий, шундай урибсанки, офицерча бир кунда ҳам ўзига келолмаса-я?

– Ҳа, нолимайман, – деб жавоб қайтарди Кондратий деганлари. – Худойим кучдан қисмаган. Агар астойдил туширганимда борми, японча арши аълода юрган бўларди.

– Қани, турғизинглар-чи, – деди Парфёнов.

Партизанлар поручикнинг қўлтиғидан олиб оёққа турғиздилар.

У чайқалиб турар, кучли оғриқдан кўнгли айнир, лампа ёруғи кўзларини турли ранглар билан қамаштираётганди. Гаплашаётганларнинг овозлари қулоғида қаттиқ жаранглар, гўёки кар қиладиган даражада эди. Поручик бирорта ҳам сўзни тушунмади.

– Ҳозир ундан бирор гап чиқиши қийин, – хулоса қилди Парфёнов. – Каютага киритиб ташланглар, кўзқулоқ бўлинглар. Эрталаб гаплашамиз.

– Лекин уни зўр илинтирдик-да, – кулди иккинчи партизан. – Патронларга худди чувалчангдек ташланди ўзиям. Тўрга тушганини ўзи ҳам билмай қолди.

Бу Ютаро Тоданинг охирги эшитган сўзлари эди. Уни итариб, бўлма ичкарисига, сўнг ёриқдан ўтказиб, зинапояга олиб боришди-да, юқорига кўтарилишга мажбур қилдилар. Оқшом тушган, кўкиш қоронғилик узра қишлоқнинг ғира-шира чироқлари зўрға кўринар, поручик иккала қўли билан ушлаб олган боши узра самода йирик юлдузлар кўз қисгандек милтилларди. У зўрға мувозанатини сақлаб турарди.

Уни торгина каютага итариб киргиздилар-да, эшикни қаттиқ ёпиб, лўкидонни ғичирлатиб суриб қўйишди.

Каюта деразасига ташқаридан тахта қоқиб ташланганди. Қоп-қоронғи зулмат ичида у қандайдир чўзинчоқ ўриндиққа ўхшаш қаттиқ жойни пайпаслаб топди-да, унга ўзини ташлаб яна ҳушидан кетди. Эрталаб эса ўзини анча яхши ҳис қила бошлади. Яна лўкидон ғичирлади, ёришган кун нурлари каютага тушди. Поручик оёққа турди. Баланд бўйли, худди қолганлари каби серсоқол, елкасига милтиқ осиб олган партизан асирга хонадан чиқишини ишора қилди. Ютаро Тода бўйсунди. Тоза ҳаводан боши айланди, лекин онги равшанлашди. Атрофга аланглаб, қаердалигини билмоқчи эди, улгурмади. Партизан унга бўлмага тушишни буюрди, улар бошқа кемага ўтдилар ва яна ўзларини тутаётган лампа билан ёритилган кенг хонада кўришди.

Бир кечада бу ерда ҳеч нарса ўзгармаганди. Кеча кўрган бақувват гавдали, соқолли киши стол атрофида ўтирар, харитани кўздан кечирарди. Тўғри, партизанлар сони анчагина ортганди. Энди ўнтача одам бор эди.

Асирга сув беришгандан сўнг у батамом ўзига келди. “Аскарларимга нима бўлдийкин? – ўйлади Ютаро Тода. – Ротада, очиғи, подпоручик Гёда ҳам бор эди, лекин у қўмондоннинг жойини эгаллай олармикин? Иродаси ҳали анча заиф…”

Кейинги воқеалар поручикка фикрлашга имкон бермади.

– Русча гапирасанми? – сўради Парфёнов.

Ютаро Тода индамади. Унга яна қандайдир саволлар беришди, лекин поручик уларнинг маъносини тушунмади.

– Эҳ, жин урсин, таржимонни чўктирвориб шошибмиз-да, – афсусланди Парфёнов. – Уни бу ерга олиб келишимиз керак эди. Ҳозир анча фойдаси тегарди.

– Итга ит ўлими, – ғўлдиради ним қоронғиликда фарқлаш қийин бўлган помор.

– Шундайликка шундай, лекин баъзан итларнинг ҳам фойдаси тегади-да, – норозилик билдирди Парфёнов, – энди бу офицерчани нима қиламиз?

– Балки, Кондратийнинг ёрдами тегар? – таклиф киритди кимдир. – Илгари матрослигида Японияга сузиб борган, дейишганди. Наҳотки уларнинг тилини ўрганмаган бўлса?

Парфёнов жонланди.

 

– Хўш, хўш, чақиринглар-чи!

Ҳамманинг диққат-марказига тушиб қолган Кондратий ўзини муҳим шахсдек ҳис эта бошлади.

– Ундан япончалаб сўра-чи: ким у, топшириғи нима? – буйруқ берди партизан бўлинмаси бошлиғи.

Кондратий япончага ўхшаш бир-иккита сўз айтиб кўрди, лекин иборалар бутунлай бошқача талаффуз қилингани учун Ютаро Тода ҳеч вақони тушунмади. У елкасини қисди-да, ҳали етилиб улгурмаган таржимондан юзини терс ўгирди.

– Бу японмасдир, балки? – қайсарлик қилди Кондратий ўз обрўсини туширгиси келмай. – Уларда ҳар хил миллатлар тўлиб ётибди.

Парфёнов афсусланганнамо бош чайқади.

– Сенинг таржимонлигинг, Кондратий, худди этикдан ясалган миномётга ўхшайди. Ҳмм, тушунарли, “тил” овимиз бароридан келмабди. Ундан умидимиз катта эди. Энди уни нима қиламиз?

– Овора бўлиб ўтирамизми?.. Албатта, улар бизникиларга раҳм қилмайди. Қўлимизни боғлайди, холос… – ғовур-ғувур қилди партизанлар.

– Тўғри айтасиз, – рози бўлди Савелий, – отиб ташлансин.

Баржа палубасига чиқишди. Шамол эсар, кун совуқ эди, кема қаттиқ чайқаларди. Осмонда эса давомли ёмғирни ваъда қилаётган пастки қисми қорамтир булутлар сузарди. Баҳор ҳавоси ўзгарувчан эди.

Поручикни баржанинг учи томонга турғизиб қўйишди. У беихтиёр пастга қаради. Баржа баъзан ёнбоши билан нариги кемага урилар, баъзан эса нари суриларди. Сув чайқалар, сачраган томчилар япон офицеригача келиб тегарди.

“Кўмиш ҳам керак бўлмайди, – худди биров ҳақида ўйлаётгандек фикр юрита бошлади у, – кемалар ўртасида мажақланади, кейин сув жимгина тубига тортиб кетади.”

Партизанлар поручикнинг рўпарасига туриб олишди. Бири затворни шақиллатиб тортди, мўлжални олди, тепкини босди, лекин ўқ отилмади, патрон ўқдонга тиқилиб қолганди. Иккинчи партизан эса қуролсиз чиққанди.

Ва шунда Ютаро Тоданинг ғазаби қайнади ва ҳатто сўкиб юборди. Ўлимга тайёрланса, кўксига ўқ тегишини, муздек сувга қулашини кутса-ю, бунинг ўрнига азоблайдиган бемаъни кутиш билан жавоб қайтаришса… У диққат билан тикилди. Партизаннинг қўлида японларнинг қўпол муомалага ўрганмаган “Арисака” номли милтиғи бор эди. “Яхшироқ отишни ҳам билишмайди!” деган фикр ўтди хаёлидан. У бир қадам олға ташлади-да, эсанкираб қолган поморнинг қўлидан милтиқни тортиб олди. Затворни чиқариб, бошқа патроннинг қирраси билан ўқдонда қийшайиб қолганини илиб, суғурди. Кейин патронни жойига солиб, затвор билан уни стволга жойлагач, қуролни партизанга узатди. “Энди от!” – деди ва аввалги жойига бориб турди.

3

Кемалар ёнида тўлқинлар чайқалар, ёмғир шивалар, лекин булутлар орасидан қуёш ҳам мўралар, ҳавода эса камалак учқунлари чарақлай бошлаганди. Партизанлар оғизларини очганча япон офицерига қараб қолишди. Уларга ҳали бунақаси дуч келмаганди. Асирлар орасида ҳар хили учрар, баъзилари раҳм-шафқат сўраб илтижо қилар, бундайларни отиш жойига судраб олиб боришга тўғри келарди. Бошқалари эса қилт этмасдан ўлимни хотиржам қарши олар, ҳеч нимага парво қилмасди. Баъзилари эса эслари оғиб, кийимларини йиртиб ташлар, рақибини ўхшатиб онасидан олиб сўкар, тўлиб-тошган нафратини ақалли шу йўсинда босарди. Бу эса милтиқни олди, созлади ва жимгина ўзини отишлари учун яна қайтариб берди… Партизанларни биттадан отиб, сўнгра қочишга уринса бўларди-ку… Дарвоқе, тўғри, лекин негадир шундай қилиш Ютаро Тоданинг хаёлига ҳам келмаганди. Шу лаҳзаларда у ўз тақдирига тан берган ва буни англаш ҳар қандай қаршилик кўрсатиш туйғусидан маҳрум қилиб қўйганди. Бундай воқеа ҳатто матонатли кишиларда ҳам бўлиб туради, ҳаёт йўли эндигина бошланган одамдан нимани ҳам кутиш мумкин…

– Кетдик орқага, – партизан милтиқни туширди-да, боши билан бўлма томонга ишора қилди. Ютаро Тода уни тушунди ва кузатувчилар олдига тушди. Партизанлар уни яна бўлинманинг қўмондонлик пунктига олиб келишди.

– Ўртоқ командир, – деди биринчи партизан, – бу асир милтиқ устаси экан. Милтиғимнинг патрони тиқилиб қолганди, у бир зумда тўғрилаб берди. Яхшиям, отиб ташламабмиз.

Савелий Парфёнов жонланди. Отрядда ўлжа қилиб олинган қуроллар кўп, лекин уларни қандай ишлатишни билишмасди. Милтиқчи уста у учун қимматбаҳо топилма эди.

Партизан бўлинмасининг командири ва япон поручиги бир-бирига кўз узмай тикилиб қолишди. Савелий Парфёнов рўпарасида ғўргина, ҳали айёрликни билмайдиган, очиқ чеҳрали ёш офицерни кўрди. Шу топда у душманга ҳам ўхшамас, ҳатто Парфёновда ҳозиргина ўзининг буйруғи билан нариги дунёга жўнатилишига сал қолган асирга нисбатан хайрихоҳлик пайдо бўлди.

– Милтиқчи уста дейсанми? – иккиланди у. – Ҳали жуда ёш-ку?

– Аниқ уста, – тасдиқлади партизан, – милтиқлар билан қандай ишлашни билади.

Ўз навбатида Ютаро Тода рўпарасида кўпни кўрган, чорпаҳил, ичига чуқур ботган кўзлари бароқ қошлари остидан чақнаб турган кишини кўриб турарди. Партизанлар командири кучли, ўзига ишонган одамдек таассурот уйғотарди.

– Бўпти, қани, устангни синаб кўрамиз, – деди Парфёнов ва поручикка юзланди: – Қурол таъмирлайсан ва ундан қанақа қилиб отишни ўргатасан, хўпми?

Савелий Парфёнов сўзларини имо-ишора билан, худди милтиқни қисмларга ажратиб, йиғаётгандек тушунтирди.

Ютаро Тода командирни тушунди, лекин у партизанларга кўмаклашиб, қуролларни тайёрлаб бермоқчи эмасди. У ўз аскарларини ўлдиришга мўлжалланган милтиқларни таъмирлайдими? У рад ишорасини бериб, бош чайқади.

– Хоҳламаяпти, – изоҳлади Парфёнов. – Нимаям дердик, уни “тарғиботчи”ларимизга олиб боринг. Дарҳол фикрини ўзгартириб қўйишади.

Япон зобитини қоронғи ва бўм-бўш бўлмага олиб ўтишди. Ичкарига итариб киргизишгач, ортидан тахта эшикни ёпиб, суриладиган лўкидон билан маҳкамлашди. Поручик аланглади. У уришларини, тепкилашларини, ҳатто қийнашларини кутганди, аммо хонада ҳеч қанақа сиртмоқ, қамчи ёки калтак кўринмасди… Шунда у қандайдир ғимирлашни сезди. Бўлма оч каламушларга тўла эди. Кемирувчилар одамга ташланди. Ютаро Тода жон аччиғида шифтнинг кўндаланг тўсинига тирмашиб олди, тўсин билан шифт орасида кичкина бўшлиқ бўлиб, у ўша ерга чиқиб ўрнашди. У бошини пастга эгиб ўтирар, пастда эса оч каламушлар галаси кўзлари қизил алангадек товланиб питирлар, чийиллаган товуш тобора кучаярди. Бўлмада чиринди, ўлакса ҳидлари анқир, офицер ҳатто саросимага туша бошлади.

Қурбонга сакраб ета олмасликларига амин бўлган махлуқлар энди бўлма деворларига ташланди. Улар дағал тахталардан юқорига ўрмалар, аммо ўзини тута олмай, пастга тушиб кетар, кўтарила олганлари эса шифт тўсини орқали энгашиб ўтирган одам томон ўрмаларди. Ютаро Тода уларни оёғи билан тепар, лекин улар ўжарлик билан яна юқорига чиқишга уринар ва поручикни умидсизлик чулғади. Майли, нима бўлса бўлсин, лекин бундай мудҳиш ўлимга у рози бўлмайди! Бундай оч ва ёвуз махлуқлар тўдасига тириклай ем бўлиш… Буни ҳис қилишнинг ўзи даҳшат эди. Жасади бортлар орасида мажақланиб кетса ҳам, энди у отувга рози эди. Ҳар қандай ҳалокат унга неъматдек туюларди, лекин асло бунақаси эмас…

Ютаро Тода тўсиндан каламушларни тепиб туширди. Атроф дим бўлиб кетган, у жиққа терга ботганди ва бундай аҳволда узоққа боролмаслигини англади. Тўсин қирсиллаб эгилар, эртами-кечми, ё синиб кетиши, ёки унинг ўзи ҳолдан тойиб пастга йиқилиши мумкин эди. Ана ўшанда…

Ютаро Тода қайсарлигидан ўкинди. Инсон ҳали тирик экан, умидини узмайди. Майли, тирик қолса бўлгани. У партизанларга кўмаклашади, айтишади-ку, вақт-соати етгунча деб. Иложини топса, қочади, йўқса, жонига қасд қилади, у ҳаммасига рози, фақат қутурган каламушлар галаси тўла бўлма эмас!

Яна лўкидон гулдиради, тахта эшик чўзинчоқ ғичирлаш билан очилди. Ичкарига учта партизан кирди. Каламушлар чийиллаганча ўзларини қоронғи бурчакларга урди.

Партизанлар шифт тагига энгашиб жойлашиб олган япон поручигини дарҳол пайқай олишмади.

– Қара, калласи ишлабди, – ҳайратланди бири, – демак, улгурибди. Эсингдами, бир ойча олдин бир оқ гвардиячини киритгандик, у шу қадар имиллаган эканки, каламушлар беш дақиқада фақат суякларини қолдиришибди. Эй, сен, туш энди. Кетдик яна командирнинг олдига.

Ютаро Тода полга сакраб тушиб, анчагина енгиллик сезди. Бир ўлимдан қолди-ку, бу ёғига албатта ечим топилади.

* * *

Савелий Парфёнов поручикка синовчан қаради.

– Хўш, энди ишлаймиз, шекилли!

Бу сафар Ютаро Тода командирни таржимонсиз ҳам тушунди. У шошганча бош ирғади.

– Бекорга қайсарлик қилдинг. Каламушлар, оғайни, истаган одамни гапга кўнадиган қилишади.

Ютаро Тодани кемалар қабристонининг ичкарисига қараб олиб кетишди. У, ниҳоят, ўша ерда японлардан қўлга киритилган қуроллар ва ҳарбий аслаҳалар омборини кўрди. Ишдан чиққан милтиқ ва пулемётлар ҳам кўп эди. Бу қуроллар унга таниш эди – рус, япон милтиқлари, инглизларнинг “Томпсон”, “Шош”, “Льюис” каби пулемётлари ва бошқа мамлакатлар аслаҳалари. Поручик билим юртида қуролларни эринмасдан ўрганганидан хурсанд бўлди. Бу билими унинг ҳаётини қутқариб қолди, қолгани энди унинг ўзига боғлиқ. Ва у ишга киришиб кетди.

Уни партизанлар ишдан чиққан қуролларни сақлаб қўйган кенг хонага олиб боришди. Баъзи анжомлар бутунлай яроқсиз бўлиб улгурганди. Поручик бундай милтиқ ва револьверларни захира қисмларга ажратиб қўяр, таъмирласа бўладиганини тузатарди. Қурол-яроғлар партизанлар қўлида нега тез ишдан чиқаётганини тушунганди. Уларда қуролларни мойлаш учун махсус мой ёки суртмалар йўқ эди. Занглашдан сақлаш учун эса балиқ ёғи ёки тюлень ёғидан фойдаланишарди. Аммо улар ишқаланадиган қисмларнинг силжишини таъминлай олмас ва милтиқ затворлари тезда бўшаб қоларди.

Ютаро Тода буни Парфёновга қўлидан келганча тушунтиришга ҳаракат қилди. Партизанлар раҳбари уни тўғри тушунди ва бир неча кундан кейин поручикка катта тунука канистрда милтиқ мойини келтириб беришди.

Партизан бўлинмасининг командири тиришқоқ ва фаҳмли асирдан кўнгли тўлди. Ютаро Тода тонг қоронғисидан шом тушгунча устахонасида меҳнат қиларди. У кундузги ёруғликни кўрмасди. Ташландиқ кемалар маконини кечки зулмат қоплаб олганида, уни тоза ҳаводан нафас олгани палубага чиқаришарди. Поручикнинг ҳаёти қамоқхона маҳкуми ҳаётидан бироз бошқачароқ эди. У эски баржа палубасида сайр қилар, юлдузларни кузатар, узоқда милтиллаётган қишлоқ чироқларига, ғира-шира кўринаётган кемаларга тикилар ва қалбида соғинч ҳамда оғриқни ҳис этарди. У офицерлик фаолиятини бундай тасаввур қилмаганди. Ва шунда илк бор уни шифокор бўлишга ундаган отаси ҳақида ўйлади, эҳтимол, у ҳақ бўлгандир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам унга озодлик кафолатланиши мумкин эди, шифокор – ҳаммага керакли инсон, унда ҳамма нажоткорни кўради, офицер эса ҳатто асир тушган тақдирида ҳам, душман сифатида қолаверади. Баъзан тушкунликка тушганида, у ўзини ўлдириш тўғрисида ўйлаб қолар, қилаётган иши билан ҳамюртларининг ҳалок бўлишини тезлаштираётганидан азобланар, лекин жонига қасд қилиш ҳам имконсиз эди. Ҳеч қачон унинг бир ўзини қолдиришмасди. Партизан лардан бири доим у билан бирга бўлар, ҳатто кулбасида тунни навбатма-навбат ўтказишарди. Унга патронсиз қурол олиб келинар, ҳеч қандай ўткир ва кесадиган буюм берилмасди. Ҳар ҳолда, нимқоронғи кулбадаги ўлим унинг учун вазиятдан чиқиб кетиш йўлидек туюлмасди. Хўп, ўзини ўлдирдиям дейлик, уни кўмиб ҳам ўтиришмайди, албатта. Жасадини ўша каламушларга ёки кемалар орасидаги қоп-қора, совуқ сувга ташлаб қўя қолишади. Бу ҳақда ўйлаганда, унинг эти жунжикиб кетарди. Яхшиси, қулай пайтни пойлаб, қочиб қутулишга уриниб кўриш керак. Эртами-кечми, барибир шундай пайт келади.

Поручикни яна бир фикр эзарди. У асирга тушганидан бирор ҳафта ўтгач, Соломбалада жанг бошланди. Худди кимдир каттакон болға билан михни ураётгани сингари милтиқ овози келар, қисқа пулемёт отишмаси тикув машинасининг тақиллашига ўхшар, гранаталар портлаши гумбурлаб эшитиларди. Поручик тушундики, партизанлар унинг бўлинмасига ҳужум қилишган ва японлар жанг қилар, аммо томонлар тенг эмасди. Бир кундан сўнг у яна олиб келинган милтиқларни кўриб, бўлинмаси энди йўқлигига батамом ишонч ҳосил қилди. Бироқ ҳамма ҳалок бўлдими ёки кимдир омон қолдими, поручик буни ҳеч қачон билолмасди.

У ўзини айблай олмаса-да, бир вақтнинг ўзида ихтиёрсиз равишда виждон азобида қийналарди. У асирга тушмаганида, бўлинмаси командирсиз қолмас ва эҳтимол, аскарларини қуршовдан олиб чиқиб кета олган, уларни ажал сиртмоғидан халос этган бўларди. Уни худди ёш бола сингари иккита патрон билан лақиллатиб, қопқонга туширишганди.

Баъзида у ишни тўхтатиб, тахталар орасидан тушиб турган ва полда ажабтовур шакллар ясаётган қуёш нурларига тикилиб ўтириб қоларди.

Баҳор ўтди, шимолнинг кам қуёшли ёзи ҳам адоғига етиб борар, у эса на унисини, на бунисини кўрарди. Одамлар орасида бўлса-да, бутунлай ёлғизлик унга азоб берарди. Поручик партизанлар билан имо-ишора ва тилмоч Борисовдан эшитган бир-иккита сўз орқали гаплашарди. Ўз навбатида партизанлар ҳам у билан озгина японча ва инглизчани бузиб гаплашишар: бир-бирини тушунсалар-да, аммо бари энг содда суҳбатлар бўлар ва бу мулоқот учун етарли эмасди.

Бора-бора Ютаро Тода тушундики, асирликдан қутулиши фақат чидам ва сабр-тоқатига эмас, рус тилини билишига ҳам боғлиқ. Ва у астойдил партизанлар нутқини ўргана бошлади. Ҳар хил буюмлар ва тушунчаларнинг номларини сўрар, Парфёновдан илтимос қилиб олган қоғоз ва қалами билан янги сўз ва ифодаларни ёзар, тезроқ хотирасида қолиши учун уларни такрорлаб ёдларди. Рус тилида гаплашувчилар билан биргалиги учун у бошқача шароитга тез кўникди ва бегона, мураккаб тилни ўрганиши ҳам илдамлашди. Дастлаб русча сўзларни нотўғри талаффуз қилаётганини кўриб, унинг устидан кулишди, кейин ўрганиб қолишди ва ҳатто ёрдам бера бошлашди. Агар бўғинга урғуни нотўғри қўйса, талаффузини тўғрилашар, тушунмаган жойларини тушунтиришарди. Уч ойлардан сўнг у партизанлар билан дурустгина гаплашадиган бўлди, лекин бу билими камлигини сезар ва жон-жаҳди билан ҳаракат қиларди. Ҳар қандай билим доим фойда келтиришига унинг ишончи комил эди, масалан, қуролни яхши билиши уни ўлимдан қутқариб қолган бўлса, тил ўрганиб кутилаётган озодликка эришиши мумкин эди. Ютаро Тода йигирма тўртга кирганди, аммо бошига тушган машаққатлар туфайли у ёшлик хом хаёллари ва қатъиятидан маҳрум бўлган, шу сабаб ёшига қараганда тезроқ улғаяётганди.

 

Партизанлар ҳам ўзларининг қуролсоз усталарига ўрганиб қолишди, ҳазил-мазахлар ҳам тугади. Уни тиришқоқлиги ва саранжом-саришталиги учун ҳурмат қилишар, ҳатто асир эмас, балки жанговар тақдирдош ўртоқ сифатида мурожаат қила бошлашди. Ютаро Тодани русларнинг бунақа икки тарафламалиги таажжубга соларди. Улар жанг пайтида душманга тошбағир ва шафқатсиз, аммо тинчлик пайтида беғубор ва меҳрибон эдилар. Япон зобитига ғаним сифатида қарамай қўйдилар, бу эса ноодатий муҳитга кўникиб кетишида Ютарога кўмак берарди. Поручик шунақа ҳолат ҳақида ўйлай бошлади: аввалига партизанлар бошқалардан фарқи йўқ умумий душманлар сирасига кирарди, энди эса улар кўз ўнгида аниқ-тиниқ шахсиятларга ажралиб қолди. Ҳатто дўстлар орттирди, агар у ўзиникилар томонга қочиб ўтиб кетса, ораларида Василий, Никодим, Авраамий каби дўстона муносабатлар ўрнатишга улгурган поморлар борлигини била туриб, партизанларга ўқ уза олармиди? Ютаро Тода бир қарашда жўн туюлган ушбу саволга жавоб бера олмасди.

* * *

Яна бир ойдан сўнг партизанлар кемалар қабристонидан Соломбалага кўчиб ўтишди. Уйларнинг ёғоч деворларидаги ўқ излари бу ерларда яқиндагина шиддатли отишмалар содир бўлганидан дарак берарди. Поручик ўз бўлинмаси тақдири ҳақида сўраб-суриштирса-да, аниқ бир жавоб ололмади. Ҳа, ҳалок бўлганлар бор эди, қанчалигини ким санабди, дейсиз… Ҳа-я, айтмоқчи, японлар ўрмонга қараб чекинганди, кейин у ердан ҳам сиқиб чиқаришди, балки қочиб кета олишгандир… Ютаро Тода англадики, унга бор ҳақиқатни айтишга ботинишмаяпти: ёки бу ҳарбий сир, ёки уни хафа қилгилари келмаяпти. Эҳтимол, шу ва бошқа тахминлар халал берарди…

Энди у қишлоқда бамайлихотир юра оларди. Тўғри, ортидан ҳануз кузатишар, лекин ҳеч нимадан қисмасдилар. Оқларнинг қисмлари билан жанговар ҳаракатлар энди Архангельск атрофида, ундан нарироқдаги Шенкурск ва Котласда кетаётганди. Жанглар эса қурбонсиз бўлмайди, Ютаро Тода у ёки бу оғайнисининг ҳалок бўлганини билганида, чин юракдан хафа бўларди. Унинг урушга муносабати ўзгара борарди. Тушундики, урушлар икки хил, яъни озодлик ва босқинчиликка бўлинади. Айни пайтда эса поморлар ўз ерларида қандай хоҳлашса, шундай яшаш ҳуқуқи учун озодлик урушини олиб борар, поручик борган сари уларга хайрихоҳ бўлиб бораётганини сезарди. У ушбу қонли тўқнашувларда ўз ролини ҳали аниқ белгилаб ололмаётганди. Ахир ўзи ҳам ушбу заминга тинчлик мақсадида келмаган, демак, у ҳам мана шу инсонларнинг озодлигига дахл қилган. Бироқ, бошқа томондан, у рад эта олармиди ва уни босқинчи сифатида қабул қилишлари мумкинмиди? Ютаро Тода буни ҳам қабул қилишни хоҳламасди. У офицер эди, бурч ва шаън каби тушунчалар унинг учун иккинчи даражали бўлмаган. Кейин ўз мамлакатининг манфаатларини ҳам унутиб бўлмасди… У Соломбалада шу каби иккиланишлар билан бир ярим йил яшади. Рус тилида энди анча эркин гаплашар, ҳарқалай, унга нима дейишаётганини тушунар, ўзига нима кераклигини ҳам тушунтириб бера оларди.

Ишлари ҳам кўпайиб кетди. Партизанлар кўплаб қуролларни ўлжа сифатида қўлга киритаётгандилар. Ютаро Тода уларни тартибга келтирар ва партизанларга бу қуроллардан қандай фойдаланишни ўргатарди. Энди унда патронлар сероб эди. У партизанлар жанг пайтида ортиқча вақт сарфламаслиги учун пулемётларнинг диск ва ленталарини, милтиқ ҳалқаларини патрон билан тўлдирарди. Ўзини отиб ташлашга, қўлидаги қуроли билан асирликдан қутулиб кетишга уриниши мумкин эди, лекин буларнинг ҳеч бирини хоҳламасди. Қочади ҳам дейлик, лекин қаерга? Бутун атрофда партизан отрядлари ҳаракатланар, ўрмон орқали якка ҳолда ўзиникилар томонга қочиб ўтишга уриниш муқаррар ўлимни англатарди. Кейинчалик у инсон ҳаётининг қадр-қимматини қалбан англади. Инсон ҳаёти қисқа ва тезоқар, лекин муҳлати тугамай туриб, уни узиб ташлаш тўғрими? Уни маъно-мазмун билан тўлдириш яхшироқ эмасми? Ахир шунда шахс сифатида муҳимроқ одамга айланасан ҳамда бошқаларга ҳам маъно ва илиқлик бахш этасан. Фақат бу тушунчанинг моҳиятидан Ютаро Тода ҳали бехабар, лекин шундай вақт келишини ва уни англаб етишини биларди.

Бу орада у енгилгина севги иштиёқини бошдан кечирди. Қизлар ҳалигача унинг тақдирида жуда кам аҳамият касб этарди. Ҳарбий билим юртидаги машғулотлар бу каби ҳою ҳавасларга умуман вақт қолдирмасди. Латофатли жинс вакилалари билан лаҳзалик учрашувлар бўлиб турса-да, йўл-йўлакай кўришишлардан қалбида бирор из қолмасди.

Бир куни унинг устахонаси жойлашган кулба эшигини кимдир тақиллатгандек бўлди, сўнгра эшик очилди ва хонага бир қиз кириб келди. Совуқдан қизариб кетган қизнинг бўйи ўртача бўлиб, калта пўстин, кигиз этик ва мўйнали телпак кийиб олганди. Қиз телпагини ечгач, остонада турганча оёқларини ерга уриб, этигининг қорини қоқди. Ундан шу қадар беғуборлик, қайноқ ёшлик ва жозиба уфуриб турардики, поручик ўзини йўқотиб қўйди. Ютаро унинг саломига ҳам жавоб бермай, кўзларини катта очганча қизга қараб турарди.

– Ёрдамингиз керак, – деди қиз.

У поручикка ҳайратланарли даражада гўзал туюлди. Соломбалада аёллар унчалик кам эмас, лекин уларга деярли иши тушмаган, мулоқотлари фақат эркаклар билан чекланар, энди эса ўзини худди эртакка тушиб қолгандек ҳис этаётганди.

Ютаро Тода ўзини қўлга олишга уринди.

– Агар қўлимдан келса… – минғирлади сўнг.

– Қўлингиздан келади, айтишларича, яхши уста экансиз.

– Яхши, агар шундай бўлса… – поручик беихтиёр жилмайди.

Қиз у билан эркин гаплашар, қишлоқдагиларга хос тортинчоқлик унга ёт эди, гаплашаётганда нигоҳини олиб қочмай, катта кулранг кўзлари билан унга тикилиб турарди. Бу ҳайратланарли, шу билан бирга, ноодатий эди.

– Хўш, нима бўлди экан? – қизиқсинди Ютаро. “Қиз қандайдир уй-рўзғор анжомини созлаб беришни илтимос қилса керак” деб ўйлаганди, аммо бундай бўлмади. Қиз пўстини орасидан маузер3 чиқарди.

– Негадир ўқ чиқмаяпти, нишонни аниқ урмаяпти ҳам.

Поручик фақат бош чайқаб қўйди. У ҳали қиз баданининг илиқ ҳарорати сақланиб турган тўппончани қўлига олди-да, синчиклаб қаради.

– Бу аёллар ўйинчоғи эмас.

– Мен оддий аёл эмас, отамнинг отрядида жангчиман, – дея қиз кулиб юборди, нимқоронғи кулбада унинг текис, оппоқ тишлари ярақлаб кетди.

Ютаро Тода унга жавобан жилмайди.

– Ҳа-а, ундай бўлса… Отанг ким?

– Савелий Парфёнов-ку. Сен уни биласан.

– Ҳа, албатта. Лекин унинг шунақа қизи борлигини билмаган эканман.

– Мен энг кичкинасиман, шунинг учун отам доим ёнида олиб юради. Унинг ўғли йўқ, учта қизи бор. Опаларим эрга тегиб кетишган, мен эса отамнинг олдидаман, худди ёрдамчисидекман… У ёққа бор, буни олиб кел, дегандек…

– Жангларда ҳам қатнашасанми?

– Отам қўймайди. Қўрқиб авайлайди, лекин баъзида отишимга тўғри келади. Айниқса, оқлар бостириб келганида. Мана бу эса шарманда қиляпти, – қиз поручик ушлаб турган маузерга қарата бош ирғади.

3Ўз-ўзидан ўқланадиган немис тўппончаси, 1895 йилда ишлаб чиқарилган.
Купите 3 книги одновременно и выберите четвёртую в подарок!

Чтобы воспользоваться акцией, добавьте нужные книги в корзину. Сделать это можно на странице каждой книги, либо в общем списке:

  1. Нажмите на многоточие
    рядом с книгой
  2. Выберите пункт
    «Добавить в корзину»